Бугун эрталабдан Токиода мудофаа кучларининг ваколатларини кенгайтирувчи қонун лойиҳасининг қабул қилинишига қарши бўлган минглаб одамлар парламент биноси олдида тўпланиб, ўз норозилигини урушга қарши шиорлар ва транспарантлар билан ифодаламоқда.

Қонун лойиҳаси Иккинчи Жаҳон урушидан буён биринчи марта миллий армияга Японияга бевосита таҳдид солинмаган тақдирда ҳам бошқа мамлакатлар “ҳимояси”да иштирок этишга имкон беради. Бу лойиҳа парламент юқори палатасининг махсус комиссияси томонидан ўрганилиб, тасдиқланиш арафасида турибди. Лекин бундай қарорнинг қабул қилинишига қарши мухолифат бор кучларини ишга солмоқда.

Айтилишича, комиссиядаги баҳслар жуда кескин тарзда бормоқда, мухолиф кучлар қонун лойиҳасининг қабул қилинишини имкон қадар ортга суришга интилмоқда.
Бош вазир Синдзо Абэ ўз кабинети аъзолари билан мажлислар залида бўлишига қарамай, мухолифат вакиллари билан баҳсга киришмаяпти.