“Мерседес”нинг AMG ательеси 12 цилиндрли мотор билан таъминланувчи суперкарни ишлаб чиқиш ишларини олиб бормоқда. Бу ҳақда ўзининг манбасига иқтибос келтирган ҳолда Autoblog онлайн-нашри маълум қилди.

Бензинли мотор электр агрегат ва аккумулятор тўпламини ўз ичига олувчи гибрид куч қурилмаси таркибига киради. Янги машина “Мерседес” моделлар қаторида AMG GT купесидан бир поғонага юқорироқни эгаллайди.

Модель “немис маркаси тарихидаги энг тез машинага” айланади. Мисол учун, AMG GT’нинг 510 от кучига эга, икки турбинали 8 цилиндрли энг тезкор версияси 100 км/соатга 3,8 сонияда эришиши, максимал тезлиги эса 310 км/соатни ташкил қилиши мумкин.
Аввалроқ AMG раҳбари Тобиас Моэрс ателье ҳозирдаги 6 литрли 12 цилиндрли твин-турбони ўзининг гибрид куч қурилмаси таркибида ишлатиш учун сезиларли модернизация қилишни режалаштираётганини маълум қилган эди. Ёзда Daimler концернининг тадқиқотлар ва ишланмалар бўлими бошлиғи Mercedes-AMG илк гибридли машиналарини 2020 йилга қадар чиқаришини айтган эди.