Украина бўйича тинчлик келишуви юзасидан ижобий ўзгаришлар йил сўнгига қадар кузатилмаслиги сабабли Европа Иттифоқи ва АҚШ Россияга қарши санкциялар муддатини узайтиришга ҳозирлик кўрмоқда, дея хабар берди Bloomberg.

“Норманд тўртлиги” мамлакатлари — Франция, Германия, Украина ва Россия етакчилари 2 октябрь куни Парижда Минск келишуви муддатларини узайтириш масаласини муҳокама қилишади. Тинчлик шартномаси муддатларининг узайтирилиши эса санкциялар сақланиб қолинишини англатади.

Bloomberg`нинг қайд этишича, украин томони тинчлик келишуви доирасида мажбуриятлар бажарилиши учун муддатларнинг узайтирилишига қарши.

АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Виктория Нуланд ҳам ўтган ҳафта Киевда Россияга нисбатан муносабат 2015 йил февраль ойида имзоланган Минск шартномаси тўлиқ амалга ошмагунча сақланиб қолишини маълум қилган эди.