Янги ташкил этилган LG CNS Uzbekistan ўзбек-корейс қўшма корхонаси Ўзбекистонда қуёш панелларини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Yonhap News Agency ахборот агентлиги маълум қилди.

“Шу билан бир қаторда, муассаса халқаро талабларга жавоб берувчи IT-мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари билан ҳам шуғулланади”, – дейилади агентлик хабарида.

Аввалроқ 14 сентябрдан бошлаб ўтказилаётган Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Ўзбекистонда “LG CNS Uzbekistan” Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтгани хабар қилинган эди.

Қўшма корхона фаолиятининг асосий йўналиши дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қурилмавий-дастурий мажмуаларни ўрнатиш ва татбиқ қилиш, “Электрон ҳукумат” ва иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари учун лойиҳавий ва техник ҳужжатлаштиришни шакллантиришдан иборат.