Марказий Осиё ва Россиядан 5 мингдан зиёд киши ИШИД томонидан жанг қилмоқда. Маълумотларга кўра, уларнинг ярмидан кўпроғи — 2600 нафарга яқини Марказий Осиё давлатлари фуқароларидир. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг минтақавий аксилтеррор тузилмасининг 27-йиғилишида маълум қилинди.

Таъкидланганидек, турли мамлакатлар, шу жумладан, ШҲТга аъзо мамлакатлар фуқароларини ўз домига илинтиришга бўлган уриниш ИШИД жангарилар гуруҳининг энг хавфли жиҳатларидан ҳисобланади.

“Бунинг хавфли жиҳати шундаки, Марказ гуруҳ томонидан турли йўллар билан чақириб олинган фуқаролар ўқитилиб, махсус тайёргарликдан ўтказилади ва мамлакатларимизга қайта юборилади”, – деди Россия Федерал хавфсизлик хизмати директорининг биринчи ўринбосари, армия генерали Сергей Смирнов.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси маълумотларига кўра, айни пайтда ИШИД жангарилари сони тахминан 30 минг нафарни ташкил этади. Ироқ ҳукумати эса уларнинг 200 мингдан зиёд эканини маълум қилган. Жангарилар сафида дунёнинг 80дан зиёд давлатлари, жумладан, Франция, Британия, Германия, Марокаш, Саудия Арабистони, АҚШ, Канада, МДҲ мамлакатлари фуқаролари жанг олиб бормоқда. Айрим манбаларда келтирилишича, жангарилар бугунги Ироқнинг 40, Суриянинг эса 50 фоиз ҳудудини эгаллаб олган.