Москвадаги Тверь суди мосвалик фуқаро томонидан берилган даъво аризаси асосида McDonald`s ресторанлар тармоғига 320 минг рубль миқдорида жарима жазоси тайинлади.

"Интерфакс" нашрида маълум қилинишича, тармоқ филиалларидан бирида ходим мижознинг қизи устига қайноқ кофе тўкиб юборганидан кейин жабрланувчи томон даъвоси асосида суд иши очилганди.

Хабарда айтилишича, қизчанинг отаси ўз даъвосида 5 млн рубль тўланишини талаб қилганди. Суд эса маънавий зарар учун 300 минг рубль, суд харажатлари учун эса 20 минг рубль тўланиши бўйича қарор чиқарган.

Жабрланувчининг отаси Алексей Карелов бу пулларни хайрия сифатида болалар уйига йўналтиришга қарор қилган.

"Рафиқам билан бу пулларни қайси хайрия жамғармасига беришни муҳокама қиляпмиз", дейди Карелов.

Бундан олдинроқ, Карелов ўзининг 3 ёшли қизчаси ресторанда устига қайноқ кофе тўкиб юборилиши туфайли куйиш жароҳатини олганидан кейин, ресторанлар тармоғини судга бергани хабар қилинганди.

McDonald`s вакиллари эса унга дастлаб судга мурожаат қилмаслиги учун 100 минг рубль таклиф қилишган.