«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси А320 самолётининг янги тўлиқ пилотажли тренажер – Full-flight-симуляторини харид қилди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар тарқатди.

Манбанинг ёзишича, мазкур ускуна канадалик ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган бўлиб, мазкур қурилма ёрдамида учувчи реал парвоз давомида содир бўлиши мумкин бўлган турли кутилмаган ҳолатларда кўриладиган чоралар бўйича тайёргарлик олиб боришади. Сотиб олинган мазкур машғулот симулятори барча замонавий компьютер технологиялари билан жиҳозланган бўлиб, айнан А320 авиауловининг кабинасини эслатади. Унинг оғирлиги тахминан 10 тоннани ташкил қилади.

Ҳозирда канадалик мутахассислар мазкур симуляторни ўрнатиш-монтаж ишларини якунлашмоқда.

30 сентябрдан эса бошқа бир гуруҳ мутахассислар қурилмани дастурий томондан таъминлайдилар. Шундан сўнг қурилма кўздан кечирилади ва барча талабларга жавоб берган тақдирда Ўзбекистон авиация давлат назорати томонидан мазкур қурилмадан фойдаланиш учун рухсатнома берилади. Full-flight-симуляторини ноябрь ойининг сўнггига қадар тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.