Ўзбекистон минтақада биринчи бўлиб мажбурий ротавирус вакцинациясини жорий қилган эди. Ушбу тажрибанинг дастлабки натижалари таҳлилдан ўтказилди.

Халқаро соғлиқ ташкилотининг хабар беришича, жаҳонда ҳар йили 500 минггача болалар ротавирусдан нобуд бўлмоқда, 3 млн дан ортиғи шифохонага ётқзилади. Ўзбекистонда ўтказилган тадқиқотлар ротавирус инфекцияси 5 ёшгача бўлган болаларда оғир гастроэнтрит ва ўлим ҳолатларини келтириб чиқараётганини кўрсатди.

Шу туфайли мамлакатда 2014 йилдан мажбурий вакцинация жорий қилинди. Бир йил ўтгач, вирусология илмий-тадқиқот институти ва бошқа ташкилотлар мутахассислари натижалар таҳлилини ўтказди. Маълум бўлишича, бу вакцинациянинг жорий қилиниши касалликка чалиниш ҳолатларини 30 фоизга камайтирган.

Шу билан бирга, мутахассисларнинг эътироф этишича, вакцинациянинг самарадорлиги ҳақида гапириш учун жиддийроқ ва чуқурроқ тадқиқотлар олиб бориш, ҳолатни узлуксиз мониторинг қилиб бориш талаб этилади.