Покистонда ўтказилаётган террорчиликка қарши кенг миқёсли операция давомида уйғур айирмачиларининг “Шарқий Туркистон ислом ҳаракати” гуруҳи жангариларининг деярли барчаси йўқ қилинди.

Бу ҳақда мамлакат президенти Мамнун Ҳусайн баёнот берди.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йил июнидан буён мамлакат қуролли кучлари Шимолий Вазиристонда Зарби Азб аксилтеррор операциясини ўтказмоқда. Унинг доирасида ушбу минтақага ўрнашиб олган кўплаб террорчи гуруҳларнинг ҳарбийлашган қисмлари йўқ қилинмоқда, агентлик тармоқлари фош этилиб, уларнинг иштирокчилари қўлга олинмоқда.

Гарчи мамлакат раҳбарлари бир неча бор террорчилик устидан ғалаба қозонилганини эътироф этган бўлса-да, амалиётлар бугунги кунга қадар тугатилгани йўқ.
Покистонлик мутахассис Маҳмудшоҳнинг тахминича, “Шарқий Туркистон ислом ҳаракати”нинг базалари Покистон ва Афғонистонда бор.

Экспертлар ушбу ташкилотни Покистон ҳудудидаги ал-Қоида ва Ўзбекистон ислом ҳаракатидан кейинги энг йирик террорчи ташкилот деб баҳоламоқда. Унинг таркибидаги жангариларнинг асосий қисми уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар ва ўзбеклардан иборат бўлиб, улар “Шинжон мухтор вилоятини Хитойдан ажратиб олиш йўлида курашаётган”ларини эълон қилишган.

Муаллиф: Одил Саид, Central Asia Online