Қирғизистонда экстремистик сайтларни тезкор блоклаш имконини берувчи қонунчилик ташаббуси муҳокама қилинмоқда. Айни пайтда ўрнатилган тартибга кўра, бундай ишни амалга ошириш учун тегишли ташкилот дастлаб суддан рухсатнома олиши талаб қилинади.

Айрим қонун ижодкорлари жараённи тезлаштириб, экстремистик тусдаги сайтларни суд рухсатисиз блоклаш имкониятини очишга чақирмоқда.
Мамлакат транспорт ва алоқа ҳамда ички ишлар вазирликлари ҳамкорликда ишлаб, экстремизм тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчаларни тайёрламоқда, деб хабар беради ИИВнинг террорчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Эмиль Жеенбеков.
Унинг таъкидлашича, ислоҳот экстремизм ва террорчиликка қарши курашда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.

“Биз интернет орқали бўлаётган экстремистик ва террористик ҳаракатларга қарши курашни жуда фаол олиб бормоқдамиз, - Айни пайтда маълум сайтни фақат суд қарорига кўра ёпиш мумкин. Биз ишлаб чиқаётган ўзгартишлар киритилган тақдирда эса экстремистик сайт аниқланиши билан уни ўша куннинг ўзидаёқ блоклаш имкони туғилади”.