2016 йил ҳосили учун Қорақалпоғистон Республикаси туманларида 53 минг гектар майдонга (шундан 47 минг 498 гектар очиқ майдонга, 5502 гектар ғўза қатор ораларига) буғдой экиш режалаштирилган. Бу ҳақда "Телеграф.уз" хабар берган.

Тажрибали деҳқонлар ва олимлар тавсиялари бўйича буғдойнинг совуққа чидамли “Краснодар -99”, “Яксарт”, “Зимница” “Грация”, “Дурдона”, “Восторг”, “Аср”, “Таня” навлари экилмоқда. Шунингдек, майдонларнинг шароитига қараб 550 гектар майдонга янги навлар экилиши назарда тутилган.

Буғдой экиш мавсумини уюшқоқлик билан оптимал муддатларда ўтказиш мақсадида 132 отрядлар ташкил қилинган бўлиб, уларга тегишли мутахассис ходимлар ва техникалар бириктирилди. Буғдой экиш ишларида 276та юқори унумли тракторлар, 133 дона дон экиш сеялкалар ҳамда бошқа юзлаб техникалар ва мосламалардан самарали фойдаланилмоқда. Уларнинг соз ҳолда самарали ишлашини таъминлаш учун 124та кўчма таъмирлаш устахоналари хизмат кўрсатмоқда.

Ҳозирда 9 минг 870 гектар майдонга буғдой экилди. Экиш ишларини оптимал муддатларда ва белгиланган агротехник қоидалар асосида олиб бориш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.