Исроил полициясининг жума намози олдидан кўрган қаттиқ чора-тадбирлари Қуддусдаги ал-Ақсо масжидида тартибсизликларни юзага келтирди. Al Manar телеканалининг маълум қилишича, полиция масжидга фақат 40 ёшдан ошган мусулмонларни киритган.

Бунга жавобан ёшлар полицияга ўз норозилигини билдирган, орада тўполон ва тўқнашувлар юзага келган.
Боб Амуд маҳалласида норозилик намойишини тарқатиб юбориш учун кўзни ёшлантирувчи газ тарқатадиган гранаталар ишга солинган.
Маълум бўлишича, бугун эрталаб масжид атрофида мингга яқин полициячи жойлаштирилган. Эски шаҳар тўлалигича тўсиб қўйилиб, отлиқ полициядан патруль белгиланган.

Бундай чоралар кўрилишига сабаб бир кун муқаддам содир бўлган кўнгилсиз воқеалар эди. Жумладан, шаҳарнинг Силуан маҳалласидаги масжид яқинида араблар полиция машиналаридан бирига ёнувчи модда солинган шишалар отган. Шаҳарнинг шимолий четида эса яна бир машинага ҳужум уюштирилган.
Содир бўлган тўқнашувлар оқибатида ўнлаб фаластинликлар жароҳат олган.

Қуддуснинг бу ҳудуди икки конфессия тарафдорларининг асосий баҳс объектидир. Бир томондан, Ибодатхона тоғи ва унинг яқинидаги Йиғи девори яҳудийларнинг муқаддас ерлари ҳисобланади. Бошқа томондан, унда жойлашган ал-Ақсо масжиди мусулмонларнинг бош ибодатхонасидир.
Якшанба куни яҳудий тақвими бўйича янги йил нишонланиши арафасида бу ерда муаммо келиб чиқмаслиги учун полиция мусулмонларни масжид ҳудудидан ва атрофидан сиқиб чиқарган эди.

Шундан буён шаҳарда майда тўқнашувлар давом этиб келмоқда.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши ушбу воқеалар юзасидан ўз хавотирини билдириб, вазиятни ўнглаш учун барча чоралар кўрилиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Элдор Асанов тайёрлади