Равиль Ғайнутдин ИШИД тарғиботига муносабат билдирди

Жамият 18 Сентябрь 2015 2462

Москвада қайта реконструкция қилинган жоме масжидининг очилиши арафасида Россия Федерацияси мусулмонлар диний бошқармаси раҳбари Равиль Ғайнутдин ТАСС агентлигига интервью берди.

Суҳбат чоғида у журналистнинг Россияда мусулмонлар учун яратилаётган шароитлар Яқин Шарқдан қочқинларни жалб қилиши мумкин-мумкин эмаслиги ҳақидаги саволига жавоб берди.
“Россия бу босқичдан ўтиб бўлган, - таъкидлади бош муфтий. – Энди бу нарса ЕИ ҳудудида кузатилмоқда. Бизда эса 90 йиллардаёқ Афғонистондан Россия қўшинлари чиқарилганидан сўнг 100 минг қочқин бизнинг мамлакатимизга кириб келган эди. Украиналик қочқинлар ҳам бизнинг ҳудудимизга келиб жойлашди, лекин ҳеч ким буни фожиа деб баҳлоламаган эди.

Россия ҳаммани қабул қилди, ЕИ ҳам, АҚШ ҳам, ҳеч ким Россияга ёрдам бергани йўқ. Биз Ливандан, Фаластиндан, Ироқдан, Суриядан қочқинлар қабул қилганмиз. Ҳатто Ўрта Осиёдан миллионлаб муҳожирлар келмоқда”.
Бугунги кунда ИШИД таркибида 800дан 1.5 мингача россияликлар борлиги айтилмоқда. Бунга муносабат билдирар экан, Ғайнутдин бунга сабаб сифатида мусулмонларни тўғри йўналтиришга маблағ етмаётганлигини кўрсатди:

“Мусулмонларга исломнинг асл моҳиятини етказиш, Қуръон матнини етказиш, жиҳод нималигини тушунтириш лозим. Бизда эса етарли маблағ йўқ, имомларнинг тўқ ҳаётини таъминлаб бера олмаётганимиз боис улардан айримлари бизнесга кетиб қолмоқда. Террорчилар эса тушунтириш ишлари билан шуғулланади, улар бу ишга улкан маблағларни йўналтиради, ҳатто Ҳолливуддан сценарийнавислар ва режиссёрлар таклиф қилиш имкониятлари бор.

Улар террорчиларга оммавий қатлларнинг сохта кадрларини суратга олишга ёрдам беради, бу кадрлар тарғибот мақсадларида қўлланади. Ислом ҳақида маълумот олмоқчи бўлган инсонлар интернетни қидириб биринчи шуларнинг тарғиботига дуч келади. Бизнинг диний ташкилотларимиз эса бугун оғир аҳволда”.

Элдор Асанов тайёрлади

Кўпроқ янгиликлар