Москвада қайта реконструкция қилинган жоме масжидининг очилиши арафасида Россия Федерацияси мусулмонлар диний бошқармаси раҳбари Равиль Ғайнутдин ТАСС агентлигига интервью берди.

Суҳбат чоғида Россия мусулмонлари етакчиси 111 ёшдаги масжиднинг ўзига хосликларини таърифлаб ўтди.
“Масжидимиз тилла гумбазли бўлиб, Москва ибодатхоналари ансамблига мос келади. Асосийси, биз туркча, марокашча, форсча, малайзияча эмас, россияча масжид қурдик. Дизайн, безак, нақшларнинг барча унсурлари бизнинг анъаналаримизга мос келади”, - таъкидлади у.
Эслатиб ўтамиз, реконструкцияга қадар масжид ҳудуди 970 кв м ни ташкил қилган бўлса, ҳозирликда ушбу кўрсаткич 18 900 кв м га етказилди. 3 қаватли масжид 7та лифтга эга, шунингдек, у конференц-зал ҳамда унинг учун зарур бўлган барча жиҳозлар билан таъминланган.

Даставвал масжид қурилишига 170 млн долларс сарфланиши айтилган эди. Ғайнутдиннинг эътироф этишича, давлат бюджетидан пул олинмаган. Мусулмонларнинг ўзлари 100 млн доллардан ортиқ пул тўплашган.
“Биз ушбу лойиҳада халқимизни бирлаштира олдик”, - таъкидлади бош муфтий.
Шунингдек, қурилиш ишларида бошқа давлатлар ҳам ёрдам берганлиги таъкидланди. Жумладан, Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос қурилиш ишларига шахсан 25 минг доллар етказган, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса эшиклар, витражлар, қандиллар, мармар ва бошқа қурилиш моллари етказилишини таъминлаб берган.

Дастлаб масжиднинг очилиш маросими 2016 йилга мўлжалланган эди. Лекин, Ғайнутдиннинг таъкидлашича Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги йилида ушбу ишни амалга ошириш маъқул кўрилган.
“Ўйлайманки, Москвада битта эмас, ҳали яна кўп масжидлар қурилади”, - сўзини якунлади Ғайнутдин.