Хитойнинг Sinopec миллий нефт-кимё корпорацияси собиқ бош директори Ван Тяньпу Хитой Коммунистик партияси(ХКП)дан четлатилди. Бу ҳақда жума, 18 сентябрь куни ХКПнинг интизомий назорат марказий комиссияси маълум қилди.

“Ван Тяньпу жиддий тартиб ва қонунларни бузганлик, хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлик ва давлат мулкларида ўз мақсадлари учун ноқонуний фойдаланганликда гумон қилинмоқда”, – дейилади эълон қилинган ҳужжатда.

Яқин кунларда унинг иши юзасидан ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилади.

2015 йил март ойида худди шу каби тергов иши CNPC Хитой миллий нефть-газ корпорацияси бош директори Ляо Юнъюанга нисбатан ҳам олиб борилган эди.

Sinopec Хитойдаги уч нефть гигантидан бири саналади. 2014 йилда корпорация 43,78 миллион тонна нефть ва 20 миллиард куб метр табиий газ қазиб олиб, ўз кўрсаткичлари бўйича CNPCдангина ортда қолган эди.