81 фоиз сурияликлар ИШИД жангарилар гуруҳининг ташкил топишида АҚШ ва унинг иттифоқчилари қўли бор деб ҳисоблаши Британиянинг ORB International компания томонидан ўтказилган сўровнома натижасида маълум бўлди.

79 фоиз фуқаролар Суриядаги вазиятни хорижлик ёлланма жангарилар оғирлаштираётганини маълум қилган. Шу билан бирга, 22 фоиз сўровнома иштирокчилари ИШИД вазиятга ажобий таъсир кўрсатмоқда, деган фикрни билдирган.

21 фоиз фуқаролар эса уларнинг ҳаёти мамлакатни Башар Асад тўлиқ бошқарган вақтдагидан кўра яхшироқ эканини маълум қилган. Сурияликларнинг ярмидан кўпи (57 фоиз) келгусида мамлакатдаги ҳолатнинг янада ёмонлашувини айтиб ўтган.

Мамлакатнинг бўлинишига 70 фоиз аҳоли қарши эканини айтган бўлса, 65 фоиз фуқаролар ягона халқ сифатида яшай олишига ишонч билдирган.

Мамлакат аҳолисининг қарийб ярми (49 фоиз) АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция авиазарбаларига қарши эканини айтишган.

Тадқиқот 2015 йилнинг 10 июнидан 2 июлига қадар Суриянинг барча провинциялари, жумладан, ИШИД назорати остида бўлган ҳудудларда 1365 нафар фуқаро ўртасида олиб борилди.