Британ компанияси яхталар учун бир ўриндиқли суперкар яратди

Технология 19 Сентябрь 2015 1989

Британиянинг Briggs Automotive Company компанияси яхталарда олиб юрилиши мумкин бўлган Marine Edition Mono суперкарини яратди. Бир ўриндиқли машина Монакода сентябрь охирида бўлиб ўтадиган яхталар шоусида намойиш қилинади, деб хабар бермоқда The Daily Mail нашри.

2,5 литрли двигатель билан жиҳозланган автомобиль 580 кг оғирликка эга. Тахминларга кўра, машина сузиш пайтида яхтанинг махсус бўлинмасига жойлаштирилади. Янги машина уни шўр сув ва шамолдан ҳимоя қилувчи занглашга қарши восита билан қопланган.

Буюртма бўйича чиқариладиган бундай машинанинг бир донаси 500 минг фунт стерлингни ташкил қилади. Автомобиль эгалари ўз хоҳишларига кўра, салон интерьерини яхта дизайнига монанд ўзгартиришлари ҳамда яхта ёки портнинг номи ўйиб тушириладиган ёзувга буюртма беришлари мумкин.

Ҳозирча буюртмаларнинг йўқлигига қарамасдан ишлаб чиқарувчилар янги машина оммалашиб кетади, деб ҳисобламоқдалар. Яхта ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Camper & Nicholsons компаниясининг вакили ҳозирданоқ машинага бир неча киши қизиқиш билдираётганини маълум қилди.

Монакодаги яхталар шоуси 23-26 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Унда 25 метрдан 90 метргача бўлган яхталар намойиш қилинади.

Кўпроқ янгиликлар