Worldcarfans нашрининг ихтиёрига янги авлод Chevrolet Camaro’нинг энг кучли версияси ZL1 автомобилининг фотосуратлари келиб тушди. Суратлар Германиядаги Нюрбургринг синов трассасидаги синовлар пайтида тасвирга олинди.

Camaro ZL1 кузовнинг тажоввузкор кўринишдаги олд қисми, кенгайтирилган ён “юбкалар”, ўзгача орқа бампер ва юкхона бўлими қопқоғидаги спойлер билан жиҳозланди.

Янги автомобиль Corvette Z06 суперкарига ўрнатиладиган 6,2 литрли 8 цилиндрли мотор билан жиҳозланиши тахмин қилинмоқда. Энг экстремал “Корвете”да бу мотор 650 от кучига эриша олади, бироқ Camaro ZL1 учун у 600 от кучигача бироз кучсизлантирилади.
Аввалроқ Chevrolet компанияси стандарт вариантдаги Camaro’нинг динамик кўрсаткичларини маълум қилган эди.

Бу автомобилнинг 455 от кучига эга 6,2 литрли двигатель ва 8 поғонали “автоматик” узатмалар қутиси билан жиҳозланган ҳозирги энг қимматбаҳо SS версияси жойидан соатига 96 км тезликка 4 сонияда эриша олади.