Халқаро шифокорлар гуруҳи Европадаги энг “семиз” ва энг “хушқомат” миллатларни аниқладилар. Олимлар томонидан тадқиқ қилинган миллатлар орасида немис ва славян халқлари ҳисобга олинмаган.

Олимлар ўз тадқиқотлари натижаларини Nature Genetics журналида чоп этишди. Натижалар билан Daily Mail нашрининг сайтида қисқача танишиш мумкин.

Шифокорлар ўз ишларида Европанинг 14та давлатидан 250 мингга яқин киши ҳамда 17,5 минг қардош жуфтлар ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилишди.

Тадқиқот бирор миллат вакилларининг ўртача бўйи қанчалик юқори бўлса, улар шунчалик хушқомат бўлишлари ва уларнинг тана массаси индекси шунчалик камроқ бўлишини кўрсатди. Тана массаси индекси килограммда ўлчанган тана вазнининг метрларда ўлчанган бўйнинг квадратга оширилганига нисбатидан аниқланади. Мисол учун, агар вазн 67 кг ва бўй 1,7 метр бўлса, тана массаси индекси 23га тенг бўлади.

Европада энг баланд ва хушқомат одамлар Скандинавиядаги давлатларда – Норвегия, Швеция ва Данияда яшашлари, энг семиз ва паст бўйли одамлар эса Испанияда, Италияда, Португалияда ҳам Грецияда эканлиги маълум бўлди. Французлар ва британияликлар бу борада ўрта қаторларни эгаллашди.

Олимларнинг таъкидлашича, турли халқлар тана массаси индексидаги турланиш нафақат уларнинг географик жойлашуви, ирсий хусусиятлари, балки миллий таомлари ва экологияга ҳам боғлиқ эканлиги аниқланди.

Олимларнинг баҳолашича, “баланд бўйли ва хушқомат” скандинавлар (Шимолий Европа аҳолиси) ва “паст бўйли ва семиз” греклар (Жанубий Европа аҳолиси) ҳақидаги умуммаълум европача қарашни тасдиқлади.