АҚШ маъмурияти Украинадаги ОАВларда Вашингтон Киевга Украинадаги коррупция туфайли қўллаб-қувватлашдан маҳрум қилиш билан таҳдид қилгани ҳақида пайдо бўлган хабарни ёлғон деб атади. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Жозеф Байденнинг расмий вакили Стивен Спектор маълум қилди.

“ОАВлардаги баъзи хабарларга қарамасдан, вице-президент томонидан айтилгани иддао қилинаётган “сариқ карточка” ҳақидаги сўзлар очиқчасига ёлғондир. Ҳеч қандай аниқ шахсларга нисбатан ҳеч қандай огоҳлантириш берилмаган. Биз Украина ҳукумати билан иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида ишлашда давом этмоқдамиз”, деб айтди Спектор.

Спектор Байден “Украинада иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар доирасида коррупцияга қарши курашдаги саъй-ҳаракатларнинг муҳимлигига бир неча бор эътиборни қаратганини” таъкидлаб ўтди.

Аввалроқ ОАВларда “Байден Порошенко ва Яценюкга коррупцияга йўл қўйиб бўлмаслик борасида “кескин ва аниқ” огоҳлантириш бергани ҳақида хабар пайдо бўлган эди. Бир қатор нашрларда бу ҳақдаги материал “Байден Порошенко ва Яценюкга “сариқ карточка” кўрсатди” деган сарлавҳа билан чиққан эди. Айнан шунга Спектор шама қилиб гапирмоқда.