Қозоғистоннинг Оқтау денгиз портида 123 кг героини бўлган Туркиядан келаётган автомобиль ушланди, деб Қозоғистон Молия вазирлиги давлат даромадлари қўмитаси матбуот хизматига иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда Zakon.kz.

Қозоғистон Молия вазирлиги давлат даромадлари қўмитаси иқтисодий терговлар хизмати ҳамда Манғистау вилояти давлат даромадлари департаменти ходимлари томонидан Оқтау шаҳрида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Iveco русумидаги автомобиль ушланди.

Автомобиль Туркиядан шаҳарнинг денгиз порти орқали келаётган бўлган. Дастлабки хулосаларга кўра, қўлга олинган юк 123 кг оғирликка эга бўлган героин моддаси экани аниқланган. Гиёҳванд модданинг нархи 2 млрд тенгедан кўпроқни (жорий курс бўйича деярли 7 млн доллар) ташкил қилиши мумкин. Ушбу ҳолат юзасидан тергов иши бошланди.

Шундай ҳолатлардан охиргиси 2008 йилда қайд қилинган бўлиб, Қўстанай божхона хизмати ходимлари “Қайроқ” божхона постида рекорд даражадаги героин партиясини ушлаган эди. Ўшанда 30 млн долларлик ярим тоннадан кўпроқ героин ушланган эди.