Қурбон ҳайитига тараддуд

Ўзбекистон 19 Сентябрь 2015 5308

Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Президентимизнинг “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида” ги Қарори эълон қилинди. Бугун мазкур қарор ижроси юзасидан пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Муҳаммадбобур Йўлдошев, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул вакиллари ҳамда Тошкент шаҳридаги мавжуд жоме масжидларнинг имом хатиблари иштирок этди.
Йиғилишда сўз олган Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар қори Турсунов яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити билан қутлади ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида” ги Қарорида белгиланган вазифалар юзасидан барча имом хатибларга тушунтиришлар бериб ўтди.
Йиғилишда сўзга чиққан Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Муҳаммадбобур Йўлдошевнинг байрам арафасида қилиниши керак бўлган ишлар юзасидан кўрсатмалари тингланди. Хусусан, масжид ва унга туташ кўчаларда ободлаштириш ишларини олиб бориш, қабристонларда хашар уюштириш, намозхонларга етарлича шарт - шароит яратиш, масжидларга ўрнатилган кузатув камераларни техник назоратдан ўтказиш, масжид атрофида тинчликни сақлаш бўйича огоҳликни кучайтириш кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, бугунги кунда турли диний оқимларнинг ахборий хуружларига қарши кенг тарғибот ташвиқот ишларини олиб бориш кераклиги ҳам қайд этилди. Анжуман сўнггида Қурбон ҳайити байрамига тараддуд кўришлик бўйича йиғлиш қарори қабул қилинди.


"Шайх Зайниддин" жоме масжиди матбуот хизмати / Muxlis.uz

Кўпроқ янгиликлар