“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган навбатдаги “Саломатлик поезди” Қорақалпоғистон Республикасида бўлди.

Оролбўйи минтақасидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида “Тошкент — Тўрткўл — Мискин — Тошкент” йўналиши бўйича ҳаракатланган мазкур поездда жами 739 миллион 388 минг сўмликдан зиёд дори-дармон, тиббий жиҳозлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари келтирилди.

"Тўрткўл, Беруний, Амударё, Элликқалъа туманларидаги шифо масканлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, минтақадаги Меҳрибонлик уйлари озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий жиҳозлар билан таъминланди", — дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси филиали директори Ўрозгул Ембергенова.

"Халқ сўзи" газетасининг ёзишича, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига турли дармондорилар ҳам тарқатилди.