Volkswagen немис автомобиль концерни атроф-муҳитга зарарли моддалар чиқарилиши ҳолатини текширишни айланиб ўтишга хизмат қилувчи дастурий таъминот ўрнатилган 500 мингга яқин автомобилни сотгани учун йирик миқдордаги жаримага тортилиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg Германия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлигига асосланиб хабар бермоқда.

Гап 2009-2015 йилларда сотилган дизел ёнилғисида ҳаракатланувчи автомобиллар ҳақида кетмоқда. Агентлик маълумотларига кўра, ушбу автомобилларга шундай қурилмалар жойлаштирилган эканки, машиналарнинг тозалаш воситалари текширилган вақтда улар тўлиқ қувватда ишлаган, одатий ҳайдаш вақтида эса — йўқ. Натижада мазкур автомобиллар чиқарган зарарли моддалар миқдори белгиланган нормалардан 10-40 баробардан ошиб кетган.

Айни пайтда агентлик автокоцернни текширувдан ўтказмоқда. “Автомобилларда атроф-муҳитга зарарли моддаларни чиқариш меъёрларини айланиб ўтувчи дастурий таъминотдан фойдаланиш қонунга хилоф бўлиб, аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдиради”, – деди агентлик вакили Синтий Жиль. Унинг фикрича, автоишлаб чиқарувчилар умум қоидалар билан ўйнашишди.

Эндиликда бу каби автомобилларнинг ҳар бири учун автоконцерн 37,5 минг доллардан тўлашига тўғри келади. Бу эса жарима миқдорининг 18 млрддан ошишидан дарак беради.

Бундан аввалроқ АҚШ ҳукумати Volkswagen`дан мазкур дастур ўрнатилган 482 минг автомобилни қайтариб олишни талаб қилиб чиқди.