“Формула-1” чемпион-муҳандиси электрда ҳаракатланувчи суперкар яратмоқда

Технология 20 Сентябрь 2015 1589

“Формула-1” пойгаларида болидлари 10 марта чемпион бўлган муҳандис Эдриан Ньюи Aston Martin компанияси учун суперкар яратмоқда. Бу машина тўлиқлигича электрда ҳаракатланиши мумкин. Бу ҳақда ўз манбасига иқтибос келтирган ҳолда Autocar нашри хабар берди. 

Ҳозирда Red Bull жамоасининг техник директори бўлиб ишлаётган Ньюи ўзининг биринчи оддий ҳайдовчилар учун мўлжалланган янги автомобилининг бир нечта ғоясини кўриб чиқмоқда. У бу автомобилда илғор технологиялар ва пойгачиларнинг тажрибасини қўлламоқчи.

Ньюи янги суперкарнинг ишлаб чиқилиши ўз вақтида McLaren F1 купеси каби катта таассурот уйғотишига умид билдирмоқда. Brabham ва McLaren жамоалари учун болидлар яратган Гордон Мюррей томонидан яратилган McLaren F1 купеси 1993 йилдан 2005 йилгача жаҳондаги энг тезюрар автомобиль ҳисобланган.

Август ойида Aston Martin раҳбари Энди Палмер янги суперкарнинг яратилиши масаласи 2015 йилнинг охиригача очиқ қолишини айтган эди. Бундан ташқари, компания Ньюи билан амалга оширилаётган лойиҳаларга эга эмаслигини маълум қилганди.

Ньюининг Aston Martin билан ҳамкорлиги ҳақидаги илк маълумотлар июлда пайдо бўлган эди.

Шунингдек, гибрид куч қурилмаси оладиган янги суперкар McLaren P1, Ferrari LaFerrari ва Porsche 918 Spyder автомобилларига рақобат ташкил қилиши керак. Ҳозирча бу автомобиль фақатгина трекларда юриши ёки унга умумий йўлларда ҳам ҳаракатланишга рухсат берилиши борасидаги савол ноаниқлигича қолмоқда.

Бундан ташқари, “Астон” ва Red Bull Technologies томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳага Mercedes-AMG ҳам жалб қилиниши мумкин. Немислардан суперкарга куч қурилмаси ва электроника тегиши мумкин, деган тахмин билдирилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, янги автомобиль 2018 йилда чиқарилади.

Кўпроқ янгиликлар