Грецияда навбатдан ташқари парламент сайловлари бошланди

Жаҳон 20 Сентябрь 2015 1525

Грецияда 20 сентябрь куни маҳаллий вақт билан 07:00 (Тошкент вақти билан 08:00)дан муддатидан аввал парламент сайловлари бошланди. Мамлакатда тахминан 9,837 млн фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга. Улар бир палатали парламентнинг тўрт йиллик муддатдаги 300 депутатлик ўрни учун кураш олиб бораётган 14та партия номзодларига овоз беришади.

Овоз беришлар аввалги парламент сайловларидан 18 ой ўтмаган боис, партия рўйхати асосида бўлиб ўтмоқда. Шунинг учун сайловчи фақатгина ўзи қўллаб-қувватлайдиган партияга овоз беради ва фамилиялар қаторига қўшув белгисини қўймайди. Акс ҳолда, бюллетень яроқсиз деб ҳисобланади.

Сайлов участкалари 19:00га қадар ишлайди.

Греция ИИВнинг ТАСС мухбирига маълум қилишича, 21:00дан сўнг сайловларнинг дастлабки натижалари, икки партия ўртасидаги фарқ 1 фоизни ташкил этса ҳам, эълон қилинади.

“Бу мамлакатнинг 8 ҳудудидан натижалар электрон шаклда юборилиши эвазига таъминланади. Авваллари эса сайлов натижалари телефон орқали маълум қилинар, бу эса кўп вақтни талаб этар эди”, – деди ИИВ вакили.

Якуний натижалар эса 21 сентябрь куни эрта тонгда маълум қилинади.

Асосий курашлар 41 ёшли Алексис Ципрас етакчилигидаги радикал сўл кучлар коалицияси ва 61 ёшли раҳбари Вангелис Меймаракис раҳбарлигидаги эволюцион ўзгаришлар тарафдори ҳисобланган “Янги демократия” ўнг марказчилар ўртасида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Ғолиб партия ҳукуматни шакллантириш ҳуқуқига эга бўлади. Агарда у мутлақ кўпчилик — 151 ўринга эга бўлмаса, камроқ мандатларни қўлга киритган партия билан коалиция тузилиши лозим. Акс ҳолда, Греция президенти вазирлар маҳкамасини тузиш ҳуқуқини иккинчи энг кўп овоз тўплаган партияга топширади.

Кўпроқ янгиликлар