20 сентябрь кунидан бошлаб ИШИД жангарилари ўз назорати остидаги ҳудудларда мобил алоқа воситаларидан фойдаланиш бўйича тақиқ ўрнатди. Бу ҳақда Ироқ ҳудудидаги Курдистон Демократик партияси вакили Саид Мамазунийга асосланиб, ТАСС нашри хабар берган.

Жангарилар Мосул шаҳрида 127 нафар кишини мобил воситалардан фойдалангани учун ҳибсга олган.

Мамазунийнинг сўзларига кўра, "ИШИД" ушбу янги қоидани бузганларни шафқатсиз равишда жазолашини билдирган.

Мосул шаҳри 2014 йилнинг ёзида "ИШИД" жангарилари томонидан босиб олинган, жангарилар бу ҳудуддаги мусулмон бўлмаган аҳолига 250 доллар миқдоридаги солиқ жорий қилган. Бу солиқни тўламаганлар қатл қилиб келинмоқда.

Шу вақтгача жангарилар шаҳарда христианларга тегишли бўлган 21та уйни портлатишган. Шунингдек, Мосулдан 30 км масофадаги тарихий Бахдид шаҳридаги меъморий обидалар йўқ қилинган.