Исландия ҳукумати ўз ҳудудида 100 нафар муҳожирни жойлаштириш бўйича тузилган ҳужжатни оммага эълон қилди.

Унда келтирилишича, қочқинларнинг ушбу оролда яшаш шароитлари яратилиши учун 2 млрд исланд кронаси (16 млн доллар) сарфланади.

Ҳужжатда қайд этилишича, бу маблағлар "Суриядаги вазият туфайли инсонпарварлик ёрдами" сифатида ажратилади.

Аввалига Исландия 50 нафар муҳожирни қабул қилишга рози бўлган, кейинроқ исландиялик ҳуқуқ фаолларининг талаби билан бу кўрсаткич 100 нафарга ошганди.

Сентябрь ойи бошида ташаббускорлар фейсбукка шу масалада мурожаатнома жойлаштиришган, шу вақтгача 11 минг исланд оиласи муҳожирларнинг мамлакатга қабул қилишини ёқлаб чиққан.

Маълумот учун, Исландиянинг жами аҳолиси 320 минг нафарга яқинни ташкил қилади.