Қозоғистоннинг Оқтау гарнизонида ҳарбий хизматчиларнинг ўлими ҳолати бўйича судгача тергов олиб борилмоқда, деб хабар бермоқда Қозоғистон бош ҳарбий прокуратураси матбуот хизматига иқтибос келтирган ҳолда nur.kz портали.

18 сентябрда Каспий денгизи атрофида ўқув машғулотлари пайтида самолётлардан денгиз десантлари ташланганда кучли шамол ва Каспий денгизида кўтарилган баланд тўлқин оқибатида тўртта БТР-80 машинаси чўкиб кетди. Улардан иккитаси қирғоққа ўзи чиқа олган, қолган иккитаси эса чўкиб кетган. Машиналарда бўлган 4 нафар ҳарбий ҳам техника билан бирга денгизга ғарқ бўлган.

Чўкиб кетган ҳарбийларнинг ёши 19 ёшдан 23 ёшгача бўлган.

Оқтау гарнизонидаги ўқув машғулотларида Қозоғистон мудофаа вазирлигининг 25744 ҳарбий қисмида муддатли хизматни ўтаётган 4 нафар ҳарбийнинг ўлими юзасидан Қозоғистон Жиноят кодексининг “Оғир оқибатларга олиб келган хизматига масъулиятсизлик билан қараш” моддаси бўйича тергов бошланди.

Ушбу ҳолат юзасидан бош ҳарбий прокуратуранинг махсус прокурори бошчилигида тезкор-тергов гуруҳи ташкил этилди.

Айни пайтда фавқулодда вазиятнинг тафсилотларини аниқлаш бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда.

Қозоғистон мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича 19 сентябрь куни воқеа жойига Қозоғистон мудофаа вазири Имангали Тасмагамбетов етиб келган. У ҳалок бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини уйларига етказиш учун самолётлар ажратиш ва моддий ёрдам кўрсатиш вазифасини топширган.

Дастлабки маълумотларга кўра, денгиз десантини ташлаш машғулотини десант-қўндириш воситаларисиз ўтказилган. Бу ҳақда махсус йиғилишда мудофаа вазирига мудофаа вазирлиги бош инспекцияси бошлиғи, генерал-лейтенант Қурбон Қоражонов маълум қилди.



Дастлабки тергов натижаларига кўра, Қозоғистон мудофаа вазири Имангали Тасмагамбетов “Ғарб” ҳудудий қўмондонлиги қўмондони полковник Мурод Нуғмоновни, унинг биринчи ўринбосари полковник Ризот Қўлпашевни, жанговор тайёргарлик бўйича ўринбосар полковник Мерген Қапашевни, денгиз пиёда аскарлари бригадаси сардори подполковник Эрбулат Тўлиқбоевни ўз лавозимидан четлатиш ҳақида қарор қабул қилди.

Уларнинг кейинги жавобгарлигини тергов тадбдирлари натижаларига кўра суд органи белгилайди.

Қозоғистон мудофаа вазири махсус комиссияга хизмат тергови ўтказиб, ҳарбий хизматчиларнинг хавфсизлиги ва ҳаёти учун жавобгар бўлган айбдор шахсларни аниқлаш вазифасини юклади.