Киев тирикчилик учун энг қиммат шаҳарлари рўйхатининг охирги поғонасидан жой олди, деб хабар берди Euronews Швейцариянинг UBS банки олиб борган тадқиқот натижаларига асосланган ҳолда.

Банк маълумотларига кўра, Украина пойтахтида оилалар бир ойда ўртача 1237 доллар сарфлайди, квартира харажатлари эса 540 долларни ташкил этади.

Дунёнинг энг қиммат шаҳарлари рўйхатида Цюрих шаҳри оилалари ойига тирикчилик учун 3600 доллар сарфлаб биринчи ўринни эгаллаган. Женевалик оилалар ўртача 3500 доллар сарфлаган ҳолда ўз шаҳрининг мазкур рўйхатнинг иккинчи ўрнида қайд этилишига “эришган”.

Кучли учликни оилалари 3340 доллар сарфловчи Нью-Йорк шаҳри эгаллаган. Ушбу харажатларга турар-жой учун тўланадиган маблағлар киритилмаган. Ижара ҳақи ҳам ҳисобланса, рўйхатни Нью-Йорк шаҳри 4320 доллар сарфлаб бошлаб беради.

Эътиборли жиҳати шаҳарлар аҳолисининг ойлик даромади ва сарф-харажатлари ўртасидаги тафовутда кўзга ташланади. Цюрих аҳолиси бир соатда 41 доллар ишлаб топса (солиқларни қўшиб ҳисоблаганда), киевликларнинг даромади улардан 21 баробар камроқдир. Бироқ турмуш кечириши учун сарф-харажатлар ўртасидаги фарқ 2,8 баробарни ташкил этади.

UBS банки уч йилда бир марта 112 турдаги маҳсулотларни ўз ичига олган истеъмол савати қийматини ҳисоблаб чиқиб, олинган натижаларни маҳаллий валютадан долларга айлантиришни кўзда тутувчи тадқиқот якунларини чоп этади.