Ўзбекистон тижорат банклари томонидан Ўзбекистоннинг 28 та йирик шаҳарида уйлар орасидаги йўлларни яхшилаш учун имтиёзли кредитлар тақдим қилинмоқда, деб хабар бермоқда Sputnik нашри.

Ўзбекистоннинг барча вилоятларида кузги-қишки мавсумга тайёргарчилик ишлари кетмоқда. Бу ишлар жумладан банкларнинг имтиёзли кредитлари ҳисобига молиялаштирилмоқда. Маблағларнинг мақсадли ишлатилаётганини мониторинг қилиш мақсадида Марказий банк ҳузурида махсус ишчи гуруҳ ташкил этилди.

“Маблағлар уй-жой мулкдорлари ширкатларига ва бошқарувчи компанияларга бир неча йўналишлар бўйича ажратилмоқда. Мисол учун, улар уй олдидаги тротуарлар ва кўп хонадонли уйларга кириш йўлакларини бетонлашлари керак”, деб айтди Марказий банкдаги манба.

Тошкентнинг 11 та туманининг ўзида бундай ишларни 377 минг квадрат метр, қолган 28 та шаҳарда эса 491 минг квадрат метр йўл ва тротуарларда бажариш керак.

Бундан ташқари, подъездлардаги ойналар ва эшикларни таъмирлаш, чердакларни иситиш ва ертўлаларни мустаҳкамлаш бўйича ишлар якунланмоқда. Манбанинг айтишича, бу йил ажратилган маблағлар ўтган йилдагига нисбатан 2,5-3 баробар кўпроқни ташкил қилди.