Қурбон ҳайити муносабати билан “Шайх Зайниддин” жоме масжиди ва унинг атрофида ҳашар уюштирилди

Жамият 20 Сентябрь 2015 5817

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 19 сентябр куни “Шайх Зайниддин” жоме масжидида Президентимизнинг “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида” ги қарори юзасидан Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг йиғилиши бўлиб ўтганди. Унда Қурбон ҳайити байрамини кутиб олиш бўйича қатор тавсия ва кўрсатмалар берилди. Хусусан, масжид ва унга туташ кўчаларда ободлаштириш ишларини олиб бориш, қабристонларда ҳашар уюштириш, масжидларга ўрнатилган кузатув камераларни техник назоратдан ўтказиш каби қатор вазифалар қайд этилди.
Бугун эрта тонгдан “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом - хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли бошчилигида масжид ва унинг атрофида ҳашар уюштирилди. Мазкур хашарда уюшқоқлик билан иштирок этган масжид ходимлари масжид хонақоҳлари, таҳоратхоналар, ҳовли саҳни тозаланиб, ойналар артилди. Гулзор ва экинзор майдонлари тартибга келтирилди. Масжид атрофидаги кўча ва ариқлар тозаланиб, чиқиндилар олиб ташланди. Масжиддаги носозликлар бартараф этилди. Масжид жиҳозлари созланиб, эҳсон қутилари бўялди. Кузатув камералари назоратдан ўтказилди. Қурбон ҳайити байрамига бағишланган баннер илинди.
Қурбон ҳайити байрами арафасида масжид томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан ҳамкорликда меҳнат фахрийлари, ёши улуғ кексалар, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва имконияти чекланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, моддий хайрия ёрдамларини кўрсатиш, байрам билан қутлаб совға-саломлар улашиш каби савобли ишлар амалга оширилмоқда.



"Шайх Зайниддин" жоме масжиди матбуот хизмати

Кўпроқ янгиликлар