Венгриялик тележурналистдан жабрланган суриялик муҳожир бола Испанияда қадр топди.

Суриялик Саид Абдул исмли болакай “Гранада”га қарши учрашувдан олдин Криштиану Роналдунинг ҳамроҳлигида “Сантьяго Бернабеу” стадионига чиқиб келди.

7 ёшли Саид – суриялик муҳожир Осама Абдулла Муҳсиннинг ўғли. Бир муддат илгари улар ҳақида дунё ОАВларида ёзилганди: Сербия-Венгрия чегарасида N1TV телеканали оператори Петр Ласло ўғлини кўтарган ҳолда полиция таъқибидан қочаётган отани ерга қулатганди.

Мазкур ҳолат Мадриддаги CENAFE футбол академияси президенти Мигель Анхель Халан эътиборини ўзига тортди. У El Mundo журналисти Мартин Мучега мурожаат қилиб, Мюнхенга “Вильяверде” футболчиси Муҳаммад Ламбрузи билан бирга қидирувга йўл олишини буюрди. Улар Осама Абдулла Муҳсин ва унинг ўғлини топишди. Ота-бола бу вақтда Чемпионлар Лигаси учрашувини томоша қилаётганди.

Шундан сўнг, CENAFE футбол академияси Муҳсинга иш таклиф қилган.

Эслатиб ўтамиз, бироз олдинроқ, суриялик муҳожир ўз мамлакатида Олий дивизион клубини бошқаргани ҳақида маълум қилинганди. Унинг турмуш ўртоғи ва икки қизи Туркияда қолган. Тахминларга кўра, бир ҳафтадан сўнг улар ҳам Мадридга келади.

Осама Муҳсин молиявий томондан ўзини-ўзи мустақил таъминлагунича академия унинг барча сарф-харажатларини ўз зиммасига олади. Шунингдек, суриялик муҳожирларга болаларини мактабга бериш ва испан тилидан дарс олиш учун ёрдам кўрсатилади.