АҚШ Россия президенти Владимир Путиннинг БМТ Бош ассамблеясининг 70-юбилей сессиясидаги нутқидан олдин Москвадан Суриядаги вазиятни тартибга солиш бўйича ташаббусни ўз қўлига олмоқчи, деб ёзмоқда Der Spiegel нашри.

“Суриядаги вазият шунчалик тангки, Вашингтон ўзининг йўналишини ўзгартириб, бир неча ҳафта олдин тасаввур қилишнинг ҳам иложи бўлмаган қадамга йўл қўймоқда: Россия билан ҳарбий даражада келишмоқчи”, деб ёзмоқда немис журнали ҳамда Украинадаги вазият туфайли Москва билан ҳарбий соҳадаги суҳбатлашув музлатиб қўйилгани, Сурия борасида эса Россия ва АҚШ аввалбошдан қарама-қарши фикрларга эга бўлганини эслатиб ўтмоқда.

Нашрнинг фикрича, суҳбатлашувнинг тўсатдан тикланиши бир нечта сабаблар туфайли юз бермоқда. Бундай сабаблардан бири сифатида нашр АҚШ Путиннинг Нью-Йоркдаги БМТ Бош ассамблеясидаги нутқидан хавфсираётган бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Путин сессиядаги ўз нутқи давомида халқаро ҳамжамиятни “ИШИД” террорчилик гуруҳига қарши кенг коалицияни ташкил қилишга чақириши кутилмоқда.

"АҚШнинг Москва билан тўсатдан ҳамкорлик қилишни бошламоқчи бўлаётганидан мақсад БМТ Бош ассамблеяси сессиясида Владимир Путинга позицияларни бой бермасликни истаётганидан иборат бўлиши мумкин”, деб ёзилмоқда нашрда.

Шунингдек, АҚШ ва Россия ўртасидаги алоқаларнинг тикланиши АҚШнинг Суриядаги урушни Москванинг ёрдамисиз ҳал қилиб бўлмаслигини англаб етганидан дарак бериши таъкидлаб ўтилган.