18 сентябрда Волгоградда футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионати бошланишига 1000 кун қолгани муносабати билан оммавий равишда тўпни оёқдан туширмасдан тепиш бўйича Россия рекорди ўрнатилди. Оммавий тадбирда 209 кўнгилли иштирок этди. Уларнинг сони ФИФАга кирувчи миллий футбол уюшмалари сонига мос равишда бўлди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлигига жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш бўйича Волгограддаги қўмитада маълум қилинди.       

“Шаҳарнинг бош майдонида 209 кўнгилли бир вақтда тўпларни оёқ учида ерга туширмасдан тепиш бўйича Россия рекордини ўрнатишди. Рекорд ўрнатилгани ҳақидаги сертификат тадбирда иштирок этган Россия рекордлар китоби мутахассиси томонидан топширилди”, дейилмоқда қўмитада.     

Сўнгра байрам футбол эстафетаси билан давом эттирилди. Тўп билан биринчи узатмани тадбирнинг энг ёш иштирокчиси – ҳали 2 ёшга тўлмаган болакай амалга оширди. Эстафетанинг умумий масофаси ҳам рамзий равишда 1000 метрни ташкил қилди.