Иқтидорли болаларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдод ва маҳоратларини намоён қилишлари учун имконият яратиш, ёш авлоднинг маънавий оламини бойитиш, маданий савиясини юксалтириш, санъат ва гўзалликка интилишини кучайтириш, миллий санъат анъаналари ва йўналишларини сақлаб қолиш, ривожлантириш ва давом эттириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан бирга “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёт фестивали ўтказиб келинмоқда.

Фестивалда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўқувчилар 6 та йўналиш: классика, вокал, халқ чолғулари, рақс, тасвирий ва амалий санъат ҳамда назм ва насрда беллашадилар.

Айни кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёт фестивалининг туман (шаҳар) саралаш босқичи бўлиб ўтмоқда. Унда ўқувчи-ёшлар ўзларининг ижодкорлик қобилиятларини намойиш этиб келмоқдалар.

Жумладан, Андижон вилояти Бўз туманида “Камалак юлдузлари – 2015” Республика болалар ижодиёти фестивалининг туман (саралаш) босқичи юқори савияда ўтказилди. Фестивалда тумандаги 456 нафар иқтидорли ўқувчилар 6 та йўналиши бўйича ижодий ишлар билан иштирок этдилар.

Фестивалда фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар ҳамда фестивалнинг ҳудудий (вилоят) босқич йўлланмасига эга бўлдилар. Фестивалнинг ҳудудий босқичи жорий йилнинг октябрь ойида, республика босқичи эса ноябрь ойида ўтказилади.