Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси томонидан жорий йилдаги ICTWEEK Uzbekistan 2015 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида” “Тадбиркорлик субъектлари учун энг яхши IT-лойиҳа” номинацияси таъсис этилди.

Ғолиб АКТ ҳафталигининг 4 та танлов майдонларида ўтказилди:

Ахборот технологиялари ва коммуникациялар миллий соҳасидаги ютуқларга бағишланган ICTEXPO кўргазмаси 15-17 сентябрь кунлари Ўзбекистон АТ корхоналари ва ташкилотлари уюшмаси томонидан ўтказилди;

BestSoft Challenge танлови олий таълим муассасалари талабалари, мактаб, коллеж, лицей ўқувчилари орасида турли номинацияларда ўтказилди, танлов ташкилотчиси Инха университети ва “Самсунг” компанияси бўлди; 10 нафар финалчи лойиҳаси 15 сентябрда тақдим қилинди;

Intellekt2All танлови АКТ соҳасида 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар орасидаги ақлий салоҳиятни аниқлашга қаратилган бўлиб, 16 сентябрда Ёшлар ташаббуслари маркази томонидан ўтказилди;

Очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда дастурларни ишлаб чиқиш бўйича танлов (Хакатон) data.gov.uz ва Ўзбекистон давлат муассасалари веб-сайтларининг очиқ маълумотлари асосида оммабоп, ижтимоий аҳамиятга эга ёки инновацион дастурлар ва хизматларни яратишга қаратилган бўлиб, 12 сентябрда ПРООНнинг Ўзбекистондаги ваколотхонаси томонидан ўтказилди.

Номинация ғолиби “SBS-Infosoft” ОАЖнинг “Тадбиркорнинг шахсий кабинети” IT-лойиҳаси бўлди.

ICTWEEK Uzbekistan 2015 ҳафталиги якунларига кўра Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси давлат бошқаруви органлари фаолиятига АКТларни татбиқ қилиш ва ривожлантиришдаги юқори кўрсаткичлари учун 1-ўринга лойиқ деб топилди.