Фантастика жанрида суратга олинган Американинг “Тахтлар ўйини” (Game of Thrones) сериали “Эмми” телевизион мукофотининг прайм-тайм (реклама бериш учун энг мақбул вақт) вақтида эфирга узатилувчи энг яхши теледастурлардан бири деб топилди. Бу ҳақда Reuters хабар тарқатди.

Тантанали маросим АҚШнинг Лос-Анжелос шаҳридаги “Майкрософт” театрида бўлиб ўтди.

“Тахтлар ўйини” мукофотнинг “Энг яхши драматик сериал” номинациясини қўлга киритди. “Энг яхши комедияли сериал” номинацияси эса “Вице-президент” (Veep) сиёсий сериали учун тақдим этилди. Ушбу сериаллар HBO телеканали орқали эфирга узатилмоқда.

“Тахтлар ўйини”, шунингдек, энг яхши сценарий, энг яхши режиссура ва иккинчи пландаги энг яхши актёрлик иши каби йўналишларда ҳам ғолибликни қўлга киритди.

“Эмми” прайм-тайм мукофоти – АҚШдаги телевидение соҳасида энг асосий мукофот саналиб, ҳар йили Америка телевизион академияси томонидан тақдим этилади.