Россия Федерал миграция хизмати маълумотига кўра, 2015 йилнинг январь-август ойларида Суриянинг 912 фуқароси Россияга вақтинчалик бошпана бериш ва Россия ҳудудида қочқин сифатида тан олинишини сўраб мурожаат қилди, дея хабар бермоқда “Известия”.

Муассасанинг аниқлик киритишича, 2014 йилнинг шу даврида 1198 нафар Сурия фуқароси бошпана сўраб Россияга юзланган. Аввалроқ ФМХ раҳбари Константин Ромодановский Россия қочқинларни, улар Россия қонунларини бузмаган тақдирда, кутиб олишга тайёр эканини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йил бошидан буён Евроиттифоқ ҳудудига 500 минг атрофида муҳожирлар кириб келган бўлиб, улар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Европа кенгашининг маълум қилишича, мазкур миграцион инқироз дунёда Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йириги ҳисобланади.

Сурияда қуролли можаролар бошланган 2011 йил мартидан буён 240 минг нафардан зиёд тинч аҳоли вакиллари ҳаётдан кўз юмди. Яна миллионлаб кишилар ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди.