Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қуролли можаролар авж олган широитда Халқаро тинчлик кунини нишонламоқда. Мазкур сана арафасида БМТ бош котиби Пан Ги Мун барча ҳарбий ҳаракатлар иштирокчиларини бир кун давомида қурол-яроғларни йиғиштириб, қарама-қаршиликларни тўхтатиб туришга чақирди.

“Бу йил Халқаро тинчлик куни дунёда зўравонлик кучайган, қуролли можаро авж олган пайтда нишонланмоқда. Умидсизликни кучайтириш ўрнига, дунёда ҳукмрон бўлган зўравонлик ва жиноятлар жазоланмаслигига нуқта қўйишни талаб қилиш учун жамоавий жавобгарликни ўз зиммамизга олишимиз лозим”, - дейилади Пан Ги Мун мурожаатида.

Халқаро тинчлик куни 1981 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан жорий этилган. 34 йил муқаддам қабул қилинган резолюцияда дастлаб мазкур сана сентябрь ойининг учинчи сешанбасида нишонланиши белгиланган эди. 2001 йилда БМТ БА яна бир резолюция қабул қилиб, мазкур сана 21 сентябрда нишонланишини эълон қилди.

Ҳар йили ушбу куни БМТ бош қароргоҳидаги 1954 йилда Япония томонидан совға қилинган “Тинчлик бонги” чалинади. 116 кг оғирликдаги қўнғироқ БМТга Исроил томонидан ҳадя қилинган тош пойдеворга мустаҳкамланган.

2015 йили тинчлик бонгини чалиш маросимида Пан Ги Мун, Бош Ассамблеянинг 70 сессияси раиси Могенс Люккетофт, БМТга аъзо давлатлар дипломатлари, шунингдек, тинчлик элчилари ҳисобланган америкалик актёр Майк Дуглас ва ёзувчи Жейн Гудолл иштирок этади.