Ҳиндистонда маст ҳолда йўлдаги чўнқир ичида ётган эркакнинг устидан асфальт ётқизиб юборилди, деб хабар бермоқда The Times of India нашри. Воқеа Мадхья-Прадеш штатида юз берди.

45 ёшли Латори Барман рафиқаси билан бозорга борган. Унинг рафиқаси ота-онасининг уйида қолмоқчи бўлган, Барман эса ўзининг Кхадра номли қишлоғига қайтиб кетган. Йўлда у спиртли ичимликлар сотадиган дўконга кириб, спиртли ичимлик истеъмол қилган. Сархуш Барман таъмирлаш ишлари олиб борилаётган йўлдан ўтаётиб чўнқирга тушиб кетган ва у ерда ухлаб қолган. Йўлда эса таъмирлаш ишлари кетаётгани ҳақида ҳеч қандай белгилар ҳам бўлмаган.

Эрталаб ишга қайтиб келган ишчилар Барманни сезмай қолиб, унинг устидан эриб турган қайноқ битумни қуйиб, таъмирланган жойни самосвал билан текислаб юборишган. Маҳаллий аҳоли асфальтдан чиқиб турган қўлни кўриб, қий-чув кўтарган.

Барманнинг танаси чиқариб олингандан кейин маҳаллий аҳоли кўчани тўсиб, айбдорларни жазолашни талаб қилишди. Норози аҳоли полиция кўчани таъмирлаган компания вакилларини жавобгарликка тортишга ваъда бергандан кейингина тарқаган.

Чўнқирларни тўлдиришга жавоб берган самосвал ҳайдовчиси ва ишчи ҳибсга олиндилар ва уларга инсон ўлимига олиб келган масъулиятсизлик айби қўйилди. Таъмирлаш компанияси раҳбарияти Барманнинг яқинларига тавон сифатида 50 минг рупий (760 доллардан сал кўпроқ) тўлашга ваъда берди.