Россиянинг Яқин Шарқдаги ҳаракатлари доимо масъулиятли бўлган ва шундай бўлиб қолади, деб айтди Россия президенти Владимир Путин Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху билан учрашуви давомида. Сиёсатчиларнинг учрашуви Москва вилоятидаги Ново-Огарево қароргоҳида бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги маълум қилди.

Нетаньяху Эрон Дамашқнинг кўмаги ёрдамида Голан баландликларида Исроилга қарши “иккинчи фронт” очишга уринаётгани ва “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳини замонавий қурол-аслаҳа билан таъминлаётганидан хавотир билдирди.

Путин Исроилнинг хавотирланишини тушуниши таъкидлаб ўтди. Бироқ “Сурия армияси ва Сурия иккинчи фронт очадиган аҳволда эмас”, деб айтди. “Сурия ўзининг давлатчилигини сақлаб қолсаям катта гап”, деб таъкидлади Путин.

Путин Россия ва Исроил муносабатлари ҳақида гапира туриб, “Биз Исроилда собиқ иттифоқдан кўплаб одамлар яшашини унутмаймиз ва бу бизнинг давлатлараро муносабатларимизга ўзига хос тарзда таъсир қилади”, деб айтди. Нетаньяху, ўз навбатида, иккала давлатда Яқин Шарқда барқарорликни таъминлашга умумий манфаат борлигига ишонч билдирди.