Таҳлилчи Мурод Аброров интернет сайтларига жойлаштирилган мақоласида Роғун ГЭСи лойиҳаси Тожикистон учун келажакда катта муаммога айланиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

Унинг таъкидлашича, Роғун ГЭСи қурилишининг катта хавф-хатарлар билан боғлиқлиги кўп бора эътироф этилганига қарамай, бу Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонни тўхтатмаяпти. Муаллифнинг тахминига кўра, бу билан Раҳмон “Гиннесс рекордлар китобига кирмоқчи”.
“Объект, секин бўлса ҳам, қурилмоқда, - дейди у. – Уни қуришга мамлакатда пул йўқ. Ҳукумат қўлидаги барча ресурсларни ишлатиб бўлди. Акциялар чиқарилиб, шусиз ҳам оғир аҳволдаги Тожикистон халқига мажбурий сотилди. Лекин ҳеч ким пул тикмаяпти, негаки бундан олдин инвесторлар лойиҳани ҳар томонлама баҳолаб, жаҳон тажрибасини ўрганади”.

Мақолада ишонишича, лойиҳа келажакда мамлакатга фойдадан кўра кўпроқ зиён келтиради. Мисол тариқасида Хитойнинг Хубэй вилоятида, Янцзи дарёсида жойлашган “Уч дара” ГЭСи келтирилди.
Маълумот учун, 300 м баландликка, 2 309 м узунликка эга ушбу сув иншооти дунёдаги энг йирик тўғон сифатида Гиннес китобига киритилган. Лекин бугунги кунда у Хитойга фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирмоқда.

Дастлаб, Тожикистонда бўлганидек, бу тўғоннинг қурилиши олдидан Хитойда қизғин баҳслар бўлиб ўтган эди. Профессор Цянь Вэйчаннинг аниқлашича, ҳалокат содир бўлган тақдирда 6 вилоят сув остида қолиши мумкин эди.
Шунга қарамай, 1992 йилда 27 млрд долларлик қурилиш лойиҳаси амалга оширила бошланди. Бунинг учун тўғон зонасидан 1.3 млн киши кўчирилди. 2012 йили қурилиш якунига етгач, ГЭС кутилган натижани бермади. Аввало, у етарли миқдордаги электр манбаига айланмади. Лекин уни доимий равишда асраб-авайлашга эҳтиёж туғилди. Тўғон ёрилиб кетмаслиги, табиий офатни келтириб чиқармаслиги учун уни доимий равишда таъмирлаб ва кузатиб бориш талаб этилади.

Душманларнинг диверсиясининг олдини олиш учун учун уни доимий равишда юзлаб аскарлар, вертолётлар, ҳарбий кемалар, жами 4 600 киши патруль ишларини амалга оширади. Ахир, профессор Цянь Вэйчаннинг ҳисоб-китобларига кўра, тўғонни йўқ қилиб юбориш учун бир неча ўн кг тротил эквивалентидаги портловчи модданинг ўзи кифоя қилади.
Муаллифнинг фикрича, Роғун ГЭСи қурилган тақдирда Тожикистонни ҳам айнан шундай келажак кутмоқда: 7-8 балли зилзиланинг ўзиёқ тўғон тўплаб турган сувларни силжитиши ва офатни келтириб чиқариши мумкин.

Шу боис у террорчи ва экстремистик гуруҳлар учун асосий ўлжага айланиши мумкин. Минтақада бундай кучларнинг мавжудлиги, Тожикистоннинг жанубий чегаралари сиёсий беқарор Афғонистон билан ёндош эканлиги эътиборга олинса, ГЭС қурилиши янада каттароқ таҳдидларга боғлиқ эканлиги кўринади.

Муаллиф: Элдор Асанов