Москванинг "Спартак" жамоаси ва Собиқ Иттифоқ терма жамоаларида фаолият кўрсатган собиқ дарвозабон Ринат Дасаев Golden Foot мукофотига лойиқ кўрилди. Мукофотни топшириш маросими Монакода ўтказилган.

Москванинг "Спартак" жамоасида болалар мураббийи ҳисобланувчи 58 ёшли собиқ дарвозабон "Футбол афсонаси" йўналишидаги мукофот билан тақдирланган. Бундай мукофот Франция терма жамоасида Жаҳон ва Европа чемпиони бўлган Давид Трезегега, руминиялик собиқ футболчи Георге Хаджи ҳамда ўз вақтида 2 марта жаҳон чемпиони бўлишга эришган аргентиналик Даниэль Пассареллега ҳам берилган.

"Мен учун бу мукофотни олиш катта шараф. Бундан жуда хурсандман ва мени бу ерга таклиф қилганларидан бахтиёрман", дейди Дасаев.

Ундан ўз фаолиятидаги энг ёрқин лаҳзалар ҳақида сўрашганида у қуйидагича жавоб берган: "Айтишим мумкинки, ўз фаолиятим давомида қадамба-қадам олға интилганман ва шу ҳис хотирамда қолган".

Шунингдек, ундан замонавий футболдаги икки машҳур футболчи Месси ва Роналдудан қай бирини танлашини сўрашган.
"Бу саволга жавоб беришим қийин. Уларнинг ҳар иккиси ҳам жуда кучли футболчилар ва бир-биридан қолишмайди", дейди у.

Маълумот учун, Дасаев СССР терма жамоаси билан 1988 йилги Европа чемпионатида кумуш медалларга эга чиққан, ундан олдинроқ, 1980 йилги Олимпиадада бронза медалларини олган.

У шунингдек, "Спартак" жамоаси билан 2 марта мамлакат чемпионлигига эришганди.