Шаҳзода: "Ҳамма ўзи учун жавоб беради"

Маданият 21 Сентябрь 2015 18691

Бу хонанданинг исмини эшитганда, истарали инсон, иқтидорли актриса, ажойиб қўшиқчи, бир сўз билан айтганда, серқирра ижодкор сиймоси кўз ўнгимизда гавдаланади. Саҳнада ўзини тутиши, одамларни илҳомлантирувчи ижоди, қарашлари мухлислар учун доим жозибали кўринади, қизиқарли туюлади.

Ҳа, хонанда Шаҳзода санъат оламида 15 йилдан буён анча “пишиб”, қўшиқлари ёшу қари учун бирдек манзур бўлмоқда. Тинимсиз ижод, хато ва камчиликларини вақтида англаб ўз устида ишлаши унинг етти кун давом этган 15 йиллик юбилей концерти мухлислари томонидан яхши кутиб олинишига катта ёрдам берди. Бугун хонанда билан суҳбатимиз ҳам айни шу мавзудан бошланди.

— Юбилей концертингизни тақдим этишда қандай камчиликларга йўл қўйдим, деб ўйлайсиз?

— Ҳар бир концерт дастури жуда кўп меҳнат талаб этади. 15 йиллик ижодимга бағишланган ушбу ҳисобот-концерти аввалгиларига нисбатан ўзгача ва эсда қоларли бўлиши керак эди. Дастурда миллийлик ва замонавийликни уйғунлаштиришга ҳаракат қилдик. Хатоларимга келсак.... (ўйланиб) тан оламан, жуда кўп хато қилдим. Ўз устимда ҳали кўп ишлашим керак экан. Шу билан бирга, «Тўрт қадам» номли қўшиғимни жонли ижро қилдим. Ўшанда мухлисларни алдаб бўлмаслигига яна бир бора амин бўлдим. Жонли ижро барибир бошқача экан-да.

— Гапингизга қараганда, кейинги концерт дастурлари жонли ижрода бўларкан-да?

— Албатта, жонли ижрода концерт дастури тақдим этиш ниятим бор. Бу йилги концертимда мухлислар жонли ижрони бошқача қабул қилишини англадим. Билдимки, қўшиқни чин қалбдан ижро этиш керак, ўшандагина мухлис зерикмайди.

— Концерт дастурингиздаги монологда хиёнат, алдов, дугоналар бўҳтони, душманлар... хусусида тўхталдингиз... Айримлар бунга хонанда Райҳон билан муносабати сабаб, деб тушунди. Ростдан ҳам ҳозирда дўстлик риштаси узилганми?

— Райҳон билан деярли 8 йилдан буён гаплашмаймиз. Бунинг ўзига яраша сабаби бор. Орамизда бир-икки муаммо юзага келган. Ҳаммаси ўтиб кетди. Ортда қолган гапларни қўзғашни ёқтирмайман. Биласиз-ку, ҳамма ўзича ҳақ. Шунинг учун унга соғлиқ тиладим. Ҳозир эса яхши-ёмон кунларимда ёнимда турадиган дўстларим ва яқинларим бор. Бошқаларга ҳам шундай дўстларни тилайман.

— Бугунги кунда санъатда кимлар билан дўстсиз?

— Санъаткорлардан Нилуфар Усмоновани айтишим мумкин. Энг яқин дўстим, сирдошим бу — турмуш ўртоғим. Оила қурганимизга 8 йил бўлди. Ота-онам ҳаётда қандай яшаш кераклигини, яъни кимлигимни ўргатган бўлишса, турмуш ўртоғим мени санъат оламида тарбиялади. Яна мен учун қадрли инсон, санъатда ҳамиша ёнимда ҳамроҳ, Даврон Муқимов. Укамдай бўлиб қолган, унга ишонаман.

— Тадбирларда асосан «Тўрт қадам» қўшиғингизни жонли айтаркансиз. Менимча, бу қўшиғингизни бошқаларидан кўпроқ яхши кўрсангиз керак?

— Йўқ, ҳар бир қўшиғим мен учун қадрли. Лекин «Тўрт қадам» ҳиссиётларимга яқин. Тўғри, қолганларининг ҳам ўзига яраша дарди бор. Аммо айнан, ушбу қўшиқда дардни кўпроқ ҳис қиламан.

— Бирор қўшиғингиздан таъсирланиб, куйлай олмаган пайтларингиз бўлганми?

— Ҳа, бўлган. «Тилайман», «Тирикманми?» қўшиғимдан таъсирланиб, кўзим жиққа ёшга тўлиб, айтолмаганман.

Кўпчилик «Нимага айнан шу қўшиқни йиғлаб ижро этасиз, сизни ҳаётингиздан олинганми», деб сўрашади. Бу борада кичкинагина сирни очишим мумкин, «О, Марям, Марям» филмини сценарийсини ўқиганимда, онамнинг ҳаётига ўхшашлиги учун менга жуда ёқган ва шу фильмда рол ижро этишни хоҳлаганман. Ундаги кундошлик қисматларини эмас, балки, фарғоналик рус тили ва адабиётидан дарс берадиган ҳамда чеварчилик билан шуғулланадиган оддий аёлни кўрдим. Онамнинг қисматидан хабарим бор. Шунинг учун мазкур фильмга ишланган саундтрек таронани тинглаганимда кўз ёшимни яшира олмайман.

Хабарингиз бўлса керак, бу йилги концертимда «Раҳмат ҳаёт» номли қўшиқ куйладим. Босиб ўтган ҳар бир қадамим, ортда қолган изларим, дўст-душман, хуллас, ҳаммасига рўбаро қилган ҳаётга раҳмат тариқасида айтишни истагандим. Бу истакни шоир Якзонга шеър қилиб берди.

— Кўпчилик билан дуэт куйлагансиз. Дуэтдошни қандай танлайсиз?

— Дуэтдош танламайман. Ҳамиша дуэтдошларимнинг ўзлари таклиф билан чиқишган. Дуэтларим яхши чиқяпти (кулади).

— «Chikko» ва унинг давоми «Chikkito» иккинчи ўғлингизга аталган экан...

— Шу қўшиқни куйлаганимда иккинчи ўғлим Холид ҳали туғилмаганди. «Chikko» италянча сўз бўлиб, «ниҳол» деган маънони англатади. Буни Италияга борганимда билиб, шу ном билан қўшиқ куйлаш истаги пайдо бўлган. Лекин ўғлимни бундай ном билан эркалатмайман. Бу қўшиқ учун оддий бир ғоям эди, холос.

— Сўнгги пайтларда кўплаб хонандаларнинг саҳнадаги кийиниш маданияти кўп муҳокама қилинмоқда. Хусусан, Лола. Сизнинг бунга муносабатингиз қандай?

— (узоқ ўйланиб) Менимча, сабаби ёшлик. Тан оламан, ўзим ҳам 25-26 ёшдалигимда ёшларбоп, замонавий кийинишга ҳаракат қилганман. Ўшанда атай очиқ-сочиқ кийиниб юришни ният қилмаганман, албатта. Инсоннинг одоби кийимидамас, ички дунёсида бўлиши керак, деб ўйлайман. Ҳеч қачон ҳеч кимни муҳокама қилишни хоҳламайман. Ҳамма ўзи учун жавоб беради. Лолага келсак, у ҳам ҳозир ёшларча фикрлаяпти. Сал каттароқ бўлганида тушуниб етади.

— Шахсий имиж борасида кимлар билан ишлайсиз?

— Ҳеч ким билан ишламайман. Ўз имижим устида ўзим бошқотираман. Лекин Илмира, Дилдора Қосимова каби дизайнерлар, визажистлардан Яна, Беҳзод билан доимий ҳамкормиз.

— 5 йил аввал матбуот анжумани ўтказганингизда, «Ҳеч қачон хонанда бўлишни орзу қилмаганман, шоу-бизнес вакиласи эмасман», деган экансиз. Ҳозир ҳам шундай фикрдамисиз?

— Мен санъаткормасман, деб айтмайман. Мен қўшиқчиман, ишлаяпман, ҳаракат қилаяпман.

— Демак, ҳалиям ўша фикрдасиз?

— Шоу-бизнес вакиласи эмасман, деган фикримда қоламан.

— Айни пайтда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг театр танқидчилиги бўлимида ўқиётган экансиз. Қизиқ, хонанда бўлиб нега айнан театр танқидчилигини танладингиз?

— (Уялиб кулди) Ҳозир, академик таътилдаман. Театр танқидчилиги соҳамга яқинроқ. Кинофильм ва театр бўйича кўпроқ билимга эга бўлишни истайман. Шунинг учун шу ерда таҳсил олишни танлагандим.

— Кинофильмларда ҳам роль ижро этгансиз. Қайси актёрни ўзингизга партнёр, деб биласиз?

— Партнёрларни асосан, режиссёр тайинлайди. Лекин сценарийни танлайман. Аввал ҳижжалаб ўқиб, маъносини, натижасини ўйлаб кейин розилик билдираман. Балки шунинг учун сўнгги кунларда фильмларда роль ижро этмаётгандирман. Ўша «Фотима ва Зуҳра», «Мажруҳ» каби қизиқ, бир-бирига ўхшамайдиган фильмлар бўлса ўйнардим.

— Психологиядан ҳам хабарингиз бор экан. Шунга қарамай, қаттиқ тушкунликка тушган пайтларингиз бўлганми?

— Саҳнада, ҳаётда доим кулиб юрганим, ижтимоий тармоқларда турли кайфиятни кўтарувчи сўзларни ёзганим билан тушкунликка тушаман, албатта. Лекин дардимни достон қилмайман. Олдинлари ҳар бир миш-мишга эътибор бериб, йиғлаб, сиқилиб юрардим. Ҳозир эътибор бермасликка ҳаракат қиляпман.

— Ҳақиқатдан ҳам сиз ҳақингизда жуда кўп миш-мишлар юради...

—Ҳа, тўғри айтасиз, ўзим ҳақимда жуда кўп миш-миш эшитаман (кулади). Яқинда мени ўлдига ҳам чиқаришди. Эшитиб ҳайрон қолдим. Бир ўлиб, қайта тирилдим-да.

Кўпчилик хонандалар: «Мен ҳақимда миш-мишлар бўлаяптими, демак, мен ҳали кимгадир керакман, ижод қилаяпман» деб айтишади. Бу мен учун нотўғри фикр. Мен миш-мишларни эмас, ҳақиқатни ёқтираман.

— Кўпинча мухлислар билан расмга тушишдан бош тортасиз, нега?

— Йўқ ундай эмас, фақат эркаклар билан суратга тушмайман (кулади). Чунки бир кун халқ хизматида бир йигит ёнимга келиб, бирга расм тушишимни сўради. Орадан вақт ўтгач, ўша бола: «биз Шаҳзода билан севишиб юрамиз, мана, суратда ҳам ўтиришдамиз, кўп кўришамиз...» каби «севги қиссаси»ни битиб, газетага берган. Ва бу катта мақола қилиб чоп этилган. Сўнг миш-мишлар «болалаб кетди». Шу-шу эркаклар билан суратга тушмайдиган бўлдим. Асосан, аёллар ва болалар билан тушаман.

— Оила даврасида бўлишга ҳам вақт ажратасизми?

— Иккинчи ўғлим Холид дунёга келишигача кўп вақтим ижод, иш билан ўтарди. Ҳозир вақтимни кўпроқ фарзандларим билан ўтказишга интиламан. Тезроқ ишим тугасаю, уйга бориб оилам даврасида, ўғилларим билан суҳбатлашсам дейман. Ҳатто турмуш ўртоғимга бир кундан ортиқ гастроль сафари режалаштирманг, бўлмаса бормайман, дейман.(кулади)

Жонибек МАЪРУПОВ

суҳбатлашди.

Кун янгиликлари
Банкдаги конвертация машмашаси: «Рўйхатда йўқлар»га хизмат йўқми?
16:50 / 22.08.2017 50450 Ўзбекистон
Ёдгор Саъдиев мудраган ижод аҳли, тирикчиликка айланган ижод, ёш актрисалар ва тўйлар ҳақида 
10:33 / 22.08.2017 66437 Маданият
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 35552 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 20367 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 77328 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 60877 Жамият
Ҳукумат ўқитувчи ва шифокорларни пахта теримига жалб этишни тақиқлади
«ПСЖ» Ди Марияни «Барселона»га сотиш нархини маълум қилди
20:34 866 Спорт
103 ёшли комбожалик аёл АҚШ фуқаролигини қабул қилди
20:25 349 Жаҳон
Чадда Қатар элчихонаси ёпилиши эълон қилинди
20:15 426 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар