АҚШ президентлиги учун Республикачилар партиясидан номзод бўлган Дональд Трамп Оқ уйда мусулмон динига мансуб президент бўлиши мумкинлиги борасида ўз фикрини билдириб ўтди. Бу ҳақда Mediaite нашри хабар тарқатди.

NBC телеканали дастурларининг бирида бошловчи Трампга АҚШ президенти мусулмон бўлиши унга қанчалик маъқул келишини савол сифатида берган.

«Айтишим мумкинки, бундай вазият қачондир бўлиши мумкин», — дея жавоб берган у. Шундан сўнг миллиардер қўшимча қилиб «баъзи одамларнинг ҳисоблашича, бу аллақачон содир бўлган», дея амалдаги президент Барак Обамага шаъма қилиб ўтган.

Шунда журналист Трампга: «Нима учун сиз Президентнинг насроний динига мансублигини ва Америкада туғилганини ўзингиз учун тан олмайсиз», дея савол билан мурожаат қилган.

Бунга жавобан Трамп «одамларнинг диний қарашлари ҳақида гапирмаслигини» билдириб жавоб қайтарган ва Обаманинг насронийлигига ишонишини қўшимча қилиб ўтган.