Улуғ ибодатнинг улуғ мўъжизалари: Ҳаж сафарига масофадан саёҳат

Lifestyle 21 Сентябрь 2015 18557

“Лаббайкаллоҳумма! Лаббайкаллоҳумма!” (“Лаббай, эй Аллоҳим! Лаббай, эй Аллоҳим!”)

Ана шундай муборак каломларни айтиб, ҳаж амалини қилаётганларга барча мўмин-мусулмонларнинг ҳаваси келади. Дилларига яхши ният сизиб киради, ўша муқаддас жойларга бориб келишни орзу қилишади. 

Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу ривоят этган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай нақл этилади: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳожи билан малоикалар ҳузурида фахрланиб: “Менинг бандаларимга қаранглар! Дунёнинг ҳамма еридан чанг-тўзонга беланиб Менинг ҳузуримга келишди. Сизларнинг гувоҳлигингизда айтурманки, Мен уларнинг гуноҳларидан ўтдим”, дейди”.

Имом Аҳмад “Муснад”ларида ривоят этганлар.

Барчани ана шундай яхшилик ва барокот кунларига етишларини истаган ҳолда, ҳаж ибодати давомида бориладиган, кўриладиган, бажариладиган ва у ерда ҳар қадамда дуч келинадиган мўъжизаларнинг айримлари ҳақида ушбу мақоламизда тўхталиб ўтмоқчимиз.

Сўнгги хабарларга кўра, бу йили ҳаж ибодатини 1,5 млн киши адо этади. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бу йил муқаддас ҳаж сафарига юртимиздан 5200 нафар киши борди. Улар ўз кўзлари билан у ердаги илоҳий мўъжизаларнинг гувоҳи бўлишди. 

1. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг масжидлари

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўч боғлаб бориш фақат уч масжидгагина бўлади: менинг ушбу масжидимга, Масжидул ҳаромга ва Масжидул Ақсога”, дедилар”. 

Бешовлари ривоят қилишган.

“Кўч боғлаб бориш” жумласини уламолар Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун тайёргарлик кўриб, кўч-кўронини олиб сафар қилиш тушунилади.

Демак, зиёратидан савоб умид қилиб, алоҳида ният билан сафар қилиш мумкин бўлган масжид учта экан: 

Мадинаи мунавварадаги пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари;

Маккаи мукаррамадаги Масжидул ҳаром;

Қуддус шарифдаги Масжидул Ақсо. 

Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйлари масжидларига ёпишган бўлган. Ҳужраи саодатдан оёқ қўйиб масжидга чиқилган. 

Ҳозирги вақтда ҳам буни яққол сезиш мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳужраларига дафн қилинганлар, қабрлари масжиднинг бир томонида – ҳужраи саодатда жойлашган. Ана ўша жойдан маълум масофага минбарлари ўрнатилган. Ана ўша оралиқ масофа равзаи шариф дейилади.

2. Шаҳидлар зиёратгоҳи 

Шаҳидлар зиёратгоҳи Уҳуд тоғида жойлашган. Шаҳидларнинг саййиди ҳазрати Ҳамза розияллоҳу анҳу, у кишининг шериклари Мусъаб ибн Умайр ва Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳумо ва Уҳуд ғазотида шаҳид бўлган яна етмиш саҳобий мана шу ерга келиб зиёрат, улар ҳақига дуолар қилинади.

3. Масжидул қиблатайни: икки қибла масжиди 

Бу жойнинг тарихи ва номланиши қуйидагича: Байтул Мақдисга юзланиб намоз ўқиб турилганида оят нозил бўлиб, Каъбатуллоҳ қибла қилингани хабари келган ва намозхонлар рукуъда турган ҳолларида орқа томонларига бурилиб намозни давом эттирганлар. Шунинг учун мазкур масжид “Масжидул қиблатайни: икки қибла масжиди” номини олган.

4. Етти масжид

“Етти масжид” номли зиёратгоҳда еттита кичик ҳажмли масжид бўлиб, Расулуллоҳ алайҳиссалом, Ҳазрати Билол, ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Умар ҳамда бошқа саҳобаларнинг номлари билан аталади. Айтишларича, Хандақ урушида душман хавфи бўлгани учун намозга катта жамоат қилиш имкони бўлмай, кичик жамоатлар бўлган ва уларнинг маконига кейин масжидлар қурилган.

5. “Қубо” масжиди 

Мадинаи мунавварага Маккаи мукаррама тарафдан кириб келишдаги Қубо, деган жойда Исломдаги биринчи масжид қурилган. Шунинг учун ҳам бу масжиднинг алоҳида эътирофи бор. Мадинаи Мунаввара зиёратига борган кишилар Қубо масжидини ҳам зиёрат қилиб, унда намоз ўқишга ҳаракат қилишади.

6. Тавофи қудум

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага етиб келган чоғларида энг аввал қилган ишлари таҳорат олиб байтни тавоф қилиш бўлди”.

Имом Бухорий ривоят қилган.

Бу тавофни тавофи қудум – янги келиш тавофи дейилади. Бу тавоф суннатдир.

7. Зам-зам сувини тик турган ҳолатда ичиш

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ичиш учун замзам тутдим. У зот уни тик турган ҳолларида ичдилар”.

Осим айтди: “Икрима у зот ўша куни туянинг устида эдилар”, деб қасам ичди.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган.

Имом Муслимнинг лафзида:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам замзамдан челакда тик турган ҳолларида ичдилар”, дейилган.

Шунинг учун ўлкамизда замзамни тик туриб, қиблага қараган ҳолда ичишади.

8. Зам-зам суви нега уйга олиб кетилади?

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“У киши ўзлари билан замзам сувини кўтариб оларди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ундан кўтариб олишлари ҳақида хабар берарди”.

Имом Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ деган.

Шу ҳадисга амал қилиб, бугунги кунгача миллонлаб мусулмонлар замзамдан ўз юртларига кўтариб олиб кетадилар.

9. Таврия куни

Тарвия сўзи сув тўплаш маъносини билдиради. Қадимда Мино ва Арофотга чиқишдан бир кун олдин сув манбаъларидан сув тўплангани учун мазкур кун шу ном билан номланиб қолган. Ҳамма ўша таврия куни, Зулҳижжанинг саккизинчи куни пешингача Минога етиб келишга ҳаракат қилади.

Минода тарвия кунининг пешин, аср, шом, хуфтон ҳамда Арафа кунининг бомдод намозлари ўқилади. Дуо, ибодат билан машғул бўлинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай қилганлар.

10. Арафа ва Арофат

Арафа куни бомдод намози ўқилгандан сўнг, Минодан Арафотга қараб йўлга тушилади. Арафотда туриш ҳажнинг асосий рукни бўлиб, бу рукнсиз ҳаж бўлмайди. Арафа куни заволдан (қуёш қиёмдан оққандан) бошлаб, Арафотда туриш вақти киради. Макони эса, Арафот деб номланган машҳур жой. Арафот чегарасида, вуқуф макони ҳисобланган жойда туриш керак бўлади. Бошқа жойда туриб қолганларнинг ҳажи ҳаж бўлмайди.

Арафотда туриш вақти Арафа куни заволдан кейин (кечаси ҳам шунинг ичида) ҳайит кунининг тонги киргунча давом этади. Шу вақт орасида қайси ҳолатда ё қанча муддат бўлмасин, вуқуфда иштирок этиб қолган киши ҳажнинг асосий рукнини бажарган бўлади. Бу туришда иштирок этмаган одам бошқа амалларни қилган бўлса ҳам, ҳажи ҳаж бўлмайди. Арафотга чиқишда ва у ерда туришда доим “лаббайка” айтилади. Иложини қилган одам Жабалур Раҳматга, у ердаги катта ҳарсанг тошларга чиқиб дуо қилса, яхши бўлади.

Амр ибн Шуаъйбдан, у отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Дуоларнинг яхшиси Арофат куни дуосидир”, дедилар”.

Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.

“Арофат” сўзи луғатда “билиш”, “таниш”, деган маъноларни англатади. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссаломни юбориб ҳажни таълим берган. Арофатга келганларида у зотдан: “Арафта?” (“Танидингми?”), деб сўраган экан. Чунки бу воқеадан аввал ҳам Иброҳим алайҳиссалом бу ерга бир марта келган эканлар. Ана шу воқеа сабаб бу ер “Арофат” деб номланиб қолган.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом видолашув ҳажини қилганларида пешинни ўқигандан сўнг қуёш ботгунча турганлар. Шу сабабдан Арофатдан қайтиб тушиш қуёш ботгандан сўнг бошланади.

11. Муздалифа

Тонг отгач, бомдод намозини аввал вақтида ўқиб, Муздалифада туриш бошланади. Бу туриш вожибдир. Қуёш чиққандан сўнг Минога қараб йўлга тушилади.

Аёллар, қарилар, касаллар, болалар қийналишдан қўрқсалар, Муздалифада тўхтамай, тўғри Минога боришса ҳам бўлади.

12. Шайтонга тош отиш

Минога келиб жойлашиб бўлгач, шайтонга тош отиш маросими бошланади. Ҳайитнинг биринчи куни етти дона тош отилади. Тошни Муздалифадан ёки хоҳлаган бошқа жойдан териб олиш мумкин. Шарти шуки одамлар отган тошлардан бўлмаслиги керак. Асосан, ҳажми нўхатдан каттароқ бўлган майда тошлар терилади.

Шайтонга тош отиш маросими қуйидаги воқеа сабаб вужудга келган. Иброҳим алайҳиссалом ўғилларини Аллоҳнинг амрига бўйсунуб, қурбонликка сўйгани олиб кетаётганларида, уларнинг йўлларини шайтон тўсиб чиқиб, иғво қилмоқчи бўлади. Шунда Иброҳим алайҳиссалом тош отиб уни қувлайдилар.

Тош отиш – Аллоҳ таолонинг амри қандай бўлса ҳам, унга бўйсунушга тайёрлик рамзи, Аллоҳ таолога қулчиликнинг изҳори. Шу билан бирга, ёмонлик ва шайтоний ишларни қувиш рамзидир.

Ҳайитнинг биринчи куни Жамратул Ақоба деб номланган жойда тош отилади. Уни Жамратул Кубро, Жамратул Ухро деб ҳам аташади. 

Етти тошнинг ҳар бири алоҳида отилади. Жамлаб отиш мумкин эмас. 

Ҳаж ва унга боғлиқ мўъжизаларнинг ҳам сон саноғи йўқ. Уларни баъзи уламолар зикр қилишган. Минодаги ажойиб мўъжизалардан бири у ерда бир неча миллион киши бир неча кун яшашига, уларнинг еб ичиши, таҳорат қилиши бошқа ишларига қарамай бирорта чивин ёки пашша кўринмайди. Чиқиндилар сасиб, ҳид чиқармайди.

Аллоҳнинг бу ва бунга ўхшаш мўъжизалари жуда кўп. Уларни бирма бир санаб, адоғига етиб бўлмайди. Энг асосийси, мана шу мўъжизалардан ибрат олиб яшамоқ. Ният ва амал бир бўлсагина, Аллоҳнинг ўзи мана шундай улуғ мўъжизаларига, албатта, етказади.

XABARDOR.UZ / Сарвар Анвар ўғли тайёрлади.

Кун янгиликлари
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 94121 Жамият
“Менга ҳаловат йўлини кўрсатинг...”. Тўй қилиб қарзга ботган ота уламоларга юзланди
16:00 / 17.08.2017 46078 Жамият
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 51344 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 9176 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 20023 Ўзбекистон
Бразилия полицияси мавжуд бўлмаган спортчиларда пул қилган гуруҳни аниқлади
00:50 141 Жаҳон
Барселонада “Европанинг исломлашувига” қарши намойиш тарқатиб юборилди
00:40 531 Жаҳон
Олий Мажлис сенаторларидан бирининг ваколати муддатидан аввал тугатилди
Трамп ўзининг бош маслаҳатчаларидан бирини бўшатишга қарор қилди
00:24 389 Жаҳон
Дунёдаги энг кекса қочқин аёлга Швецияда бошпана бериш рад этилди
00:11 1314 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар