Uz-Kor Gas Chemical қўшма корхонаси жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон шимоли-ғарбидаги Устюрт газ-кимё комплекси қурилишини якунига етказади. Бу ҳақда “Ўзбекнефтегаз” компанияси ягона техник сиёсат бўлими мутахассиси Санжар Бердиев ахборот берди.

“Комплекс октябрнинг ўрталарида ишга туширилади. Объектдаги барча ишлар ўз якунига етмоқда, кадрлар тўплаш давом этмоқда”, - унинг сўзларини келтиради РИА Новости агентлиги.
Эслатиб ўтамиз, 2008 йил февралида "Ўзбекнефтегаз" компанияси Кореянинг Kor-Uz Gas Chemical Investment консорциуми билан ҳамкорликда Uz-Kor Gas Chemical қўшма корхонасини ташкил этиб, Сургил кони базасида Устюрт газ-кимё комплекси қурилишини бошлади.Консорциум таркибига Kogas, Lotte ва STX Energy корпорациялари киради.

Қурилиш ишлари 2012 йилда бошланди. Комплекс йилига 4.5 млрд кубометр табиий газни қайта ишлаш, 4 млрд кубометр товар гази, 400 минг тонна полиэтилен, 100 минг тонна полипропилен ва 100 минг тонна пиролиз бензин ишлаб чиқариш салоҳиятига эга. Лойиҳанинг асосий пудратчилари Кореянинг Samsung Engineering, GS Engineering ва Hyundai Engineering компанияларидир.

4.16 млрд долларлик лойиҳанинг 2,5 млрд долларлик қисми халқаро молиявий институтлар, 1,41 млрд долларлик қисми Uz-Kor Gas Chemicalа таъсисчилари, 100 млн долларлик қисми эса Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт фонди томонидан молиялаштирилмоқда.