21 сентябрь куни ҳолатига кўра, 2015 йил бошидан буён Европага етиб олиш мақсадида йўлга чиққан муҳожирлардан 2870 нафари Ўрта Ер денгизи сувларида ҳалок бўлган. Бу ҳақда Миграция масалалари бўйича халқаро ташкилот маълумотида айтилди.

Маълум қилинишича, муҳожирларнинг ўлими билан боғлиқ охирги ҳолат 17 сентябрь куни юз берди ва ўша куни кема чўкиши туфайли 57 киши ҳалок бўлди.

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, Европа мамлакатларидан бошпана сўраб мурожаат қилганларнинг 1/4 қисми вояга етмаганлар ҳисобланади.

2015 йилнинг 7 ойи натижаларига кўра, Европа мамлакатларидан бошпана сўраб келган муҳожирларнинг 133 минг нафари болалар бўлиб, бу кўрсаткич 2014 йилдагига қараганда 80 фоига кўп демакдир.

22-23 сентябрь кунлари Брюссель шаҳрида ЕИ раҳбарлари иштирокида учрашув ўтказилади. БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича Бош бошқармасининг расмий вакили Мелисса Флемингнинг айтишича, бу учрашув "мавжуд кризисни бартараф этиш" учун охирги имконият бўлади. Бу учрашувда қўшимча 120 минг нафар муҳожирга жой бериш масаласи муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Бошқарма маълумотига кўра, шу вақтгача Европа ҳудудига кириб келган муҳожирлар сони 477 мингдан ошган. Йил охирига бориб бу кўрсаткич 1 млн нафарга етиши кутилмоқда.