Анхель Ди Мария: Оилам Парижда ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда

Спорт 22 Сентябрь 2015 3408

Ёзги трансферлар вақтида "МЮ"дан "ПСЖ" сафига ўтган аргентиналик ярим ҳимоячи Анхель Ди Мария ўзининг Париж ҳаётига мослашиб кетгани ҳақида фикрларини билдирди.

"Ҳаммаси жуда ажойиб. Мен ҳар куни юзимда кулгу билан машғулотларда қатнашмоқдаман ва бу ерда менга ҳамма нарса жуда ёқади. Жамоадошларим билан яхши муносабатдаман.

Париж дарҳақиқат чиройли шаҳар ва бу ерда оилам ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда. Бу эса менга бор эътиборимни футболга қаратишда ёрдам беряпти.

Бу ерга келиб кўрдимки, жамоада юқори тоифали футболчилар жамланган. Менда улар билан биргаликда ЕЧЛда ғолиб чиқиш иштиёқи уйғонган", - дейди Ди Мария.

Эслатиб ўтамиз, бироз вақт муқаддам ярим ҳимоячи "МЮ"да ўйнаган вақтларда уйини ўғри тунагани учун оиласи хотиржам бўла олмагани, бу Манчестердан кетиши бўйича қарор қабул қилишига сабаб бўлганини айтган эди.

Маълумот учун, 27 ёшли ушбу футболчи "ПСЖ" сафида ЕЧЛ гуруҳ босқичидан ўрин олган "Мальме"га қарши ўйинда гол уришга ҳам улгурди.

Кўпроқ янгиликлар